АЁЛЛАРДА БЕПУШТЛИК САБАБЛАРИДАН БИРИ — УЙҚУ БУЗИЛИШИ
- 2226
Тайванлик тадқиқотчилар 2000 йилдан 2010 йилгача бўлган даврда биринчи марта уйқу бузилиши аниқлаган 16 718 нафар ва уйқусида муаммолари бўлмаган 33 436 нафар аёлларга оид тиббий маълумотларни таҳлил қилишди. Тадқиқот бошланишида иштирокчиларнинг ўртача ёши 35 ёшни ташкил этди, деб хабар беради The Deccan Chronicle.
Орадан 5 йил ўтгандан кейин уйқусида муаммоси бўлганлардан 29 нафари ва уйқусида муаммоси бўлмаганлардан 34 нафари бепуштликка дуч келишган. Иштирокчиларнинг ёши ва соғлиқ билан боғлиқ бошқа муаммоларини ҳисобга олган ҳолатда эса уйқу бузилиши туфайли бепуштлик эҳтимоли 3,7 мартага оширганлиги маълум бўлган. Бундан ташқари, уйқунинг бузилиши гипертензия, холестерин даражаси ошиши, ўпка ва буйракда нуқсон борлиги, қалқонсимон хасталиги, ҳайз цикллари бузилиши, депрессия ва безовталик билан боғлиқ эди. Олимларнинг таъкидлашича, улар апноэ касаллиги (уйқу вақтида нафас олиш мувозанати бузилиши ва хуррак отиш каби аломатлари бор хасталик)ни ўрганмаган, чунки унинг бепуштлик билан алоқаси борлиги аввалдан маълум.
Мутахассисларда бепуштлик хавфига таъсир қиладиган бошқа омиллар, масалан, зарарли одатлар ва иштирокчиларнинг жисмоний фаоллиги тўғрисида маълумотлар мавжуд бўлмаган. Олимларнинг сўзларига кўра, бепуштлик хавфи ёш ўтиши билан боғлиқ ҳолда ортиб боради. Чекиш, спиртли ичимликларни суиистеъмол қилиш, стресс, нотўғри овқатланиш, ортиқча вазн ва жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар ҳам бунга ҳисса қўшиши мумкин.