Эркак кишининг боши эгилмасин
- 2208
Оилавий бахт тўкиш бўлишига тўсқинлик қиладиган баъзи хасталиклар хусусида 1-шаҳар клиник шифохонаси урология маркази урологи, тиббиёт фанлари номзоди Баҳодир Раҳматуллаев билан суҳбатлашдик.
— Дарҳақиқат, фарзандни дунёга келтириш, тарбиялаб вояга етказиш, уйли-жойли қилиб бахту иқболини кўриш ҳар бир ота-онанинг орзуси, ҳаёти мазмунига айланган, десак, муболаға бўлмайди. Фарзандсиз оила эса ўта мураккаб ва муҳим тиббий, ижтимоий-демографик ва иқтисодий муаммо ҳисобланади. Бепушт оилалар сони дунё мамлакатларида 8-29 фоиз оралиғида. Масалан: Европада – 10 фоиз; АҚШда – 15 фоиз; Канадада – 17 фоиз; Россияда – 8-7,5 фоиз.
Бепуштлик сабаблари: 40-50 фоизи – эр-хотиндан бирининг репродуктив тизимидаги ўзгаришлар, 25-30 фоизи – эр-хотин ҳар иккаласининг репродуктив тизимларидаги нуқсонлар, 8-10 фоиз ҳолатларда эса бепуштлик сабабини аниқлаб бўлмайди, бу репродуктив тизимга таъсир кўрсатадиган омилларнинг ранг-баранглиги билан изоҳланади.
Эркак бепуштлиги хасталиги бирламчи ёки иккиламчи бўлиши мумкин. Бирламчи бепуштликда турмуш ўртоғида бирон марта ҳам ҳомиладорлик кузатилмайди. Иккиламчи бепуштлик эса фарзандлари бор, аммо қайта фарзанд кўриш имкони бўлмаётган ҳолатдир. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, бепуштликка қандли диабет, асаб, сил, простата бези яллиғланиши, юқори нафас йўллари касалликлари ҳам сабаб бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Баъзи беморларда жарроҳлик муолажаларидан кейин бола кўриш хусусияти вақтинча камаяди.
Касалликлар орасида варикоцеле вена қон томирларининг патологик кенгайиши бўлиб, унинг оқибатида бепуштлик пайдо бўлади. Ушбу хасталик сабаб 50 фоиз эркакларда патологик ўзгаришлар рўй беради. Бу ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида қондаги тестостерон миқдори аниқланади.
Эркаклар бепуштлигини даволашда ички аъзолар кўриги, лаборатор, МАР-тест, гормонлар текшируви (ФСГ, пролактин, тестостерон, ЛГ), қон анализи муҳим ҳисобланади. Зарурият бўлганда, яна қўшимча текширувлар ўтказилади.
— Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, организмнинг бутун физиологик тизимларидан энг муҳими бўлган эркакларнинг репродуктив тизими, афсуски, кам ўрганилган экан. Бу ўз навбатида кейинги 20 йилда дунё бўйича бепушт эркаклар сони доимий равишда ўсишига ҳам олиб келмаяптими?
— Эркакларнинг репродуктив тизими ҳақида гапирганда саноати ривожланган мамлакатлардаги аҳоли турмуш тарзига эътибор қаратсак. Асабий-руҳий зўриқиш, ҳаётий фаолият омилларининг инсон танасига таъсири, сув, ҳаво ва заминнинг ифлосланиши, қишлоқ хўжалигини кимёлаштириши, озиқ-овқат маҳсулотларига биологик қўшимчалар, синтетик дори воситаларидан фойдаланиш, одатий турмуш мароми жуда тез ўзгариши кузатилади. Биргина автомобиллардан чиқаётган газлар — тахминан 200 та бирикманинг йиғиндиси (альдегидлар, формальдегидлар, углеводородлар, нооорганик қўрғошин бирикмалари ва ҳоказо). Таркибига қўрғошин, никель, мис, рух, бериллий, кабальт, марганец, вольфрам, титан сингари кўплаб инсон учун зарарли бўлган металл моддалари айнан йирик мегаполислар ҳавосида учрайди. Тоғли ҳудудга нисбатан шаҳар ҳавосида кадмий 10 баробар, хром 48 баробар, мис 12,7 баробар, симоб 5 баробар, кобальт 46 баробар кўп экани аниқланган. Буларнинг бари эркакларнинг репродуктив тизими таъсир ўтказмасдан қолмайди. Буни нормал эркаклар орасида спермограмма кўрсаткичи кескин тушиб кетгани ҳам исботлайди. Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, юқори ҳароратда, симоб, кадмий ва бошқа оғир металлар, гербицид каби химикатлар билан узоқ ишлаш, чекиш ва спиртли ичимликлар истеъмол қилиш айнан эркаклар учун бир қатор хасталикларни келтириб чиқарамоқда.
— Баъзи эркаклар оиласини моддий томондан бекаму кўст таъминлашга интилади. Лекин ўзи соғлиғи ҳақида қайғурмайди. Бу қандай оқибатларга олиб келиши мумкин?
— Чиндан ҳам шундай эркаклар учраб туради. Носоғлом турмуш тарзи, бўлар-бўлмасга асабийлашиш, ўз соғлиғига эътибор бермаслик ва бошқа шунга ўхшаш омиллар эркаклик куч-қуввати заифлашишига олиб келади. Мисол учун, стресс гормонларида буйрак усти безида ишлаб чиқариладиган адреналин, норадреналин ва кортизол каби гормонлар мавжуд бўлиб, улар организм емирилишини, сарфланадиган энергия миқдорини оширади, яъни катаболик (бузғинчи) таъсир кўрсатади. Шу боис стресс – андрогенлар танқислигига ҳамда сперматозоидлар миқдори пасайишига сабаб бўладиган гипоталомо-гипофизар-гонад тизими бузилиши олиб келиши исботланган. Стресс ҳолатларида тестостерон миқдори ўртача статистик меъёрдан паст бўлади. Жинсий гормонлар миқдорининг пасайиши сперматогенез жараёнининг янада заифлашувига олиб келади.
— Аниқланишича, чекувчиларда меҳнат унумдорлиги пасайиши ва тартиб-интизом сусайиши каби ҳолатлар кузатилар экан. Янада ачинарлиси, тамаки тутуни орқали тарқаладиган заҳарли моддалар юрак-қон томир, ўпка саратони, сил, ошқозоности бези яллиғланиши каби хасталикларни келтириб чиқаради. Агар дунёда эркакларнинг 60 фоизга яқини кашандаликка гирифтор бўлганини ҳисобга олсак...
— Кашандаликнинг зарари ҳақида кенгроқ тўхталиб ўтсак. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили ер юзида 5,4 миллион нафарга яқин киши чекиш оқибатида орттириб олган касаллик қурбонига айланаркан. Шунга қарамасдан, ҳозир дунёда чекувчилар сони 1 миллиард 300 миллиондан ошгани ачинарли ҳол. Маълумки, сигарета таркибида углерод диоксиди, углерод монооксиди, азот оксидлари, бутадион, бензол, формальдегид, метанол, никотин ва бошқа жами 12 мингга яқин турли кимёвий моддалар мавжуд, Уларнинг икки юзтаси заҳарли ва ўн тўрттаси наркотик моддалар гуруҳига киради. Бундан ташқари, тамаки маҳсулотларида полоний, қўрғошин, висмут каби радиоактив моддалар ҳам бор. Заҳарли моддаларнинг энг кучлиси никотин. Чекиш жараёнида у тутун орқали ўпкага, кейин эса қонга сўрилиб, юрак-қон томир тизимида жиддий асоратларни келтириб чиқаради.
Бу зарарли одат жинсий аъзоларда қон айланишига ҳам салбий таъсир кўрсатади. Кашандалик оқибатида тухумларнинг озиқланиши ёмонлашади, уруғдон йўллари мушаклари заифлашади, сперманинг уруғлаш қобилияти сусаяди, уруғ ишлаб берувчи тўқималари фаолияти бузилади, чунки никотин заҳарли таъсир кўрсатади
Никотин қон томирларини торайтириб, қон босимини ошириш хусусиятига эга. Бунинг натижасида юрак мускуллари ишдан чиқади. Бу ҳол тез-тез такрорланаверса, юрак инфаркти, стенокардия (юрак хуружи) каби касалликлар юзага келиши мумкин. Тамаки мия ҳужайраларига ҳам салбий таъсир кўрсатиб, чекувчида уйқусизлик ва бош оғриғини келтириб чиқаради. Оқибатда асаб тизими фаолияти бузилади.
— Алкоголли ичимликларнинг инсон саломатлига салбий таъсири ҳақида озми-кўпми маълумотга эгамиз. Айтинг-чи, бундай турдаги ичимликлар эркаклик гормонига қандай таъсир кўрсатади?
— Спиртли ичимлик жигар фаолиятига салбий таъсир этиб, эркакнинг жинсий ҳаётини издан чиқаради. Асаб тизими ва ички аъзолар фаолиятининг бузилиши ҳамда ўзгариши ҳар қандай миқдордаги алкоголли ичимликни истеъмол қилиш билан намоён бўлади. Ароқни кам-камдан ичиб кўриш оқибатида касаллик аломатлари пайдо бўлади, яъни у кишидан мазкур ичимликка ружу қўйишни келтириб чиқаради. Бу ҳол эса айнан алкоголизмнинг гиёҳвандлик моддаларига ўрганиб қолишга ўхшаш кўриниши ва туридир. Бунинг ҳар қандай ҳолатида марказий асаб тизимидаги моддалар алмашинуви жараёни бузилади. Алкоголнинг эркак соғлиғига билвосита ҳам таъсир кўрсатиши исботланган. Жумладан, қонда тестостерон миқдори камаяди. Сперматогенез бузилиш даражаси эса истеъмол қилинаётган алкоголь миқдорига мутаносиб. Кунига 80-160 грамм ёки ундан кўпроқ спиртли ичимлик истеъмол қилган эркакларнинг фақат 21-37 фоизи меъёрдаги сперматогонез сақланади. Бундай кишиларнинг 54-74 фоизида эса сперматогонез қисман ёки тўлиқ бузилади.
Бир сўз билан айтганда, кашандалик, ичкиликка ружу қўйиш ҳам ҳеч қачон яхшиликка олиб келмайди.
Шу ўринда ҳозирги замон эркакларининг энг катта камчилиги кам ҳаракатланиш эканини алоҳида айтиб ўтмоқчиман. Биринчи навбатда, соғлом бўлиш учун ҳар бир эркак кунига 30-40 дақиқа жисмоний тарбия билан шуғулланиши шарт. Серҳаракат, жисмоний машғулотлар билан шуғулланадиган ва кам ҳаракат кишилар организмида катта тафовут бор. Масалан, биргина мисолни олайлик: доимий ҳаракатда юрадиган эркакларда эркаклик гормон миқдори кўплиги аниқланган, кам ҳаракатларда эса бунинг акси.
— Суҳбатимиз сўнггида...
— Эркакларга ҳам мутахассис, ҳам оддий инсон сифатида айтадиган гапим: ҳар бирингиз оилангиз устунисиз. Демак, соғлиғингизга бефарқ бўлишга ҳаққингиз йўқ! Ишланг, меҳнат қилинг, лекин вақтида дам олишни ҳам унутманг. Вақти-вақти билан шифокор кўригига бориб туринг. Шунда ҳаммаси яхши бўлади!
Суюндик МАМИРОВ суҳбатлашди.